Ўзбекистонда таянч ўқув дастурларини қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистонда таянч ўқув дастурларини қайта кўриб чиқилади

Ижтимоий тармоқларда ва Интернет нашрларида 2019-2020 йилларда умумтаълим мактабларидаги таянч ўқув режаси тўғрисида ҳужжат чоп этилди. Ушбу ҳужжатда айрим фанларнинг дарс соатларини камайтирилиши назарда тутилган. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги шуни маълум қиладики, 2019-2020 ўқув йиллари учун умумтаълим мактабларининг таянч ўқув режаси ҳали тасдиқланмаган.

Ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги мактаб таълими тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган кўплаб ташаббусларни амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Баъзи лойиҳалар экспертлар томонидан таклиф билдирилган бўлса, яна баъзилари молия ва бошқа соҳага оид масалаларга масъул давлат органлари томонидан таклифлар берилмоқда.

Шундай ташаббуслардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

Мазкур қарорнинг 18-бандига асосан, Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда умумий ўрта таълимнинг амалдаги таянч ўқув режасини қайта кўриб чиқиб, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб 10 фоизга қисқартириш ҳамда мазкур фанлар бўйича дарс соатлари қисқартирилган мутахассисларни талаб юқори бўлган бошқа ўқув фанларга бепул қайта тайёрлаб ўтказиши лозим. Мазкур йўналиш бўйича таклифлар 2019 йилнинг 1 августга қадар ишлаб чиқилиши белгиланган.

Ҳозир тегишли вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 18-бандини бажариш юзасидан таклифлар тайёрлаш устида иш олиб боришмоқда.

Ушбу жараён давомида, шубҳасиз, барча фан предметлари уларнинг замонавий талабларга жавоб бера олиши бўйича таҳлил этилади, бу эса дарсликларни янгиланишига олиб келади.

Ўқув режасини қайта кўриб чиқишдан асосий мақсад — битирувчилар ҳаётда ўз ўринларини топишлари ва муваффақиятга эришишлари учун керакли бўлган билим ва кўникмалар бериш орқали таълим сифатини яхшилаш.

Ўқув режаси бўйича қарор айрим кишиларнинг нуқтаи назаридан эмас, бадки мамлакат ва болалар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиниши лозим.

Халқ таълими вазирлиги барчани аввалдан хулоса чиқармасликка, аксинча, сифатли ўқув режасини тузиш ва дарсликлар яратиш ҳамда халқ таълими тизимига оид бошқа масалалар муҳокамасида фаол иштирок этган ҳолда ўз ҳиссасини қўшишларини сўрайди.

Муҳокамаларда давлат таълим стандартлари негизида бир неча сценарийлар кўринишидаги ўқув режалари ишлаб чиқилади. Якуний сценарийлар лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Хусусан, ҳозирда барча хоҳловчилар мавжуд дарсликлар муҳокамасида иштирок этишлари мумкин, бунинг учун ўз тавсия ва таклифларингизни www.eduportal.uz. порталига қолдиришингизни сўраймиз.